Ўзбекистон

Президент Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” деб эълон қилишни таклиф этди

Ўзбекистон Президенти Глобал экологик жамғарманинг саккизинчи ассамблеяси иштирокчиларига табрик йўллади.

Президент Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” деб эълон қилишни таклиф этди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Глобал экологик жамғарманинг саккизинчи ассамблеяси иштирокчиларига мурожаат қилиб, иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши кураш бўйича бир қатор янги ташаббусларни илгари сурди.

 

Президент Ўзбекистонда экологик трансформация янги тараққиёт модели сифатида қаралаётганини билдириб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, чиқиндиларни бошқариш, кўкаламзорлаштириш ҳамда экологик таълимни ривожлантиришга қаратилган бешта миллий лойиҳа амалга оширилаётганини маълум қилди.

 

Қайд этилишича, 2030 йилгача муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини мамлакат ҳудудининг 21 фоизигача кенгайтириш, зарарли ташламаларни 10,5 фоизга камайтириш ва барча ҳудудларда дендрология ҳамда ботаника боғларини ташкил этиш режалаштирилган.

 

Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан энергия ишлаб чиқариш бўйича янги заводлар ишга туширилиши, экологик таълим ва илм-фан соҳасида ягона экотизим шакллантирилаётгани, Оролбўйи ҳудудида деградацияга учраган ерларни тиклаш ишлари давом этаётгани таъкидланди.

 

Президент ассамблея доирасида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

 

Биринчидан. Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” деб эълон қилиш таклиф этилди. Самарқандни минтақавий “яшил иқтисодиёт”, барқарор ривожланиш ва иқлим молияси марказига айлантириш, шаҳарни пилот “яшил ҳудуд” сифатида ривожлантиришни ҳамда ушбу тажрибани кейинчалик республиканинг бошқа шаҳарларига ҳам татбиқ этиш мақсад қилинган.

 

Иккинчидан. Бундан 600 йил муқаддам Мирзо Улуғбек Самарқандни илм-фан марказига айлантирган бўлса, бугунги кунда Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлигида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети қошида Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда. Институт ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини яшил ва барқарор ривожланиш асосида трансформация қилиш, халқаро илмий марказлар ва молия институтларини жалб этиш бўйича етакчи илмий-таҳлилий платформа бўлади, унинг стратегик бошқаруви эса президент ҳузуридаги Васийлик кенгаши орқали амалга оширилади.

 

Учинчидан. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида Иқлим ўзгариши ва гидрометеорология миллий маркази ташкил этилмоқда. Марказ гидрометеорология, эрта огоҳлантириш, гляциология, иқлим таъсирини баҳолаш ва иссиқхона газлари мониторингини уйғунлаштириб, иқлим прогнозлари, моделлаштириш, мослашув ва митигатсия дастурлари, минтақавий ҳамкорлик ҳамда WMO GAW ва NASA AERONET дастурларида иштирок этиш учун институционал замин яратади.

 

Тўртинчидан. Яқинда Қозоғистон президенти билан “Тоза ҳаво” давлатлараро консорциумини ташкил этиш бўйича келишувга эришилганди. Унинг фаолияти “яшил” молияни жалб этиш, ўрмон-мелиорация, илмий тадқиқотлар, саноатни экологик модернизация қилиш ҳамда мониторинг ва назоратни кучайтиришга қаратилган. Президент минтақанинг барча давлатларини консорциум фаолиятига қўшилишга таклиф этди.

 

Бешинчидан. Чўлланишга қарши кураш институти негизида Оролбўйида чўлланиш оқибатларини юмшатиш, “яшил” қалқонлар барпо этиш ва иқлим мослашувига қаратилган “чўл иқтисодиёти” ташаббусини илгари суриб, уни GEF'нинг устувор йўналишлари билан ҳамоҳанг ҳолда халқаро молиявий ҳамда техник кўмак асосида амалга оширишни таклиф этди.

 

Олтинчидан. 2027-йилги Тошкент инвестиция форуми “Барқарор ривожланиш ва яшил инвестициялар” мавзусида ўтказилиб, унинг доирасида Eco Expo Central Asia халқаро кўргазмаси ташкил этилади. Форумда ҳар бир ҳудуд яшил инвестицияларни жалб қилиш учун камида 100 та истиқболли лойиҳани тайёрлаб, инвесторларга тақдим этади.

 

Давлат раҳбари Ўзбекистон Глобал экологик жамғарма донор мамлакатлари қаторига қўшилишга тайёрлигини билдирди. Жамғарма кенгаши аъзоси сифатида қўшма минтақавий ташаббусларни амалий қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликни кенгайтириш мақсад қилинган.

custom img

ОАВда фаолият юритаётган хотин-қизлар учун “Атиргул – 2026” танлови эълон қилинди

Танловга номзодлар бўйича тавсияномалар 2026 йилнинг 20 июлидан 20 августигача қабул қилинади. Танлов ғолиблари Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эълон қилинади.

custom img

Беларусдаги Ўзбекистон элчиси лавозимидан озод этилди

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев қатор давлатлардаги элчилар фаолияти танқид қилди.

custom img

Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари лавозимидан озод этилди

Президент солиқ тушумларини ошириш бўйича суст ишлаётган ҳудудлар фаолиятини танқид қилди.

custom img

17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлиги бугуноқ кўриб чиқилади

Саноат ва экспорт режалари бажарилмаган ҳудудлар танқид қилиниб, масъулларга қатъий огоҳлантириш берилди.

custom img

Президент банклар фаолиятини кескин танқид қилди: Уч ойда натижа бўлмаса, раҳбар лавозимини тарк этади

Вазирлик ва идораларга бюрократия, жарима ҳамда ортиқча йиғимларни қисқартириш бўйича бир ҳафталик муддат берилди.

custom img

Режаларни бажармаган раҳбарлар хотиржам ишлашга ҳақли эмас — Шавкат Мирзиёев

Ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик фаолияти танқидий таҳлил қилинди.

custom img

Ўзбекистонда 1,5 мингга яқин фуқаро ўзи бехабар ишга жойлаштирилган

Мурожаатлар асосида 143 та корхона раҳбарига нисбатан маъмурий ва жиноий чоралар кўрилди.

custom img

Ўзбекистонда исломий банк очиш учун янги талаблар белгиланди

Ислом ҳуқуқи ва молия йўналишидаги мутахассислар учун камида 5 ва 7 йиллик иш тажрибаси талаби жорий этилди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"