Фарғонада Damasʼлар тўқнашиши оқибатида 2 киши жароҳатланди
Ҳодисага ҳайдовчилардан бирининг қувиб ўтиш қоидасини бузгани сабаб бўлган.

2026 йил 23 июнь куни соат 16:00 атрофида Олтиариқ тумани "Белариқ" МФЙ ҳудудидан ўтувчи Д-094 "Олтиариқ–Водил" автомобиль йўлининг 34-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 1995 йилда туғилган Х.А. бошқарувидаги Damas автомобили Олтиариқ маркази–Қизилтепа йўналишида ҳаракатланаётган вақтда қувиб ўтиш қоидаларига амал қилмаган. Оқибатда у қарама-қарши ҳаракатланиш йўлагига чиқиб кетиб, ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган В.А. бошқарувидаги Damas автомобили билан тўқнашган.
Ҳодиса натижасида бир нафар ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи тан жароҳати олиб, тиббий муассасага юборилган.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








