Сохта my.gov.uz сайти орқали 1 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган жиноий гуруҳ ушланди
Улар сайтни сохталаштириб, Instagram орқали “Компенсация расмийлаштириш маркази” номи остида ёлғон реклама тарқатган.

Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz сайтини сохталаштириб, фуқароларнинг банк карталаридаги маблағларни ўзлаштириш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилганини маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, жиноий схемани 1993 йилда Хоразм вилоятида туғилган шахс ташкил қилган. У ва унинг шериклари my.gov.uz платформасига ўхшаш сохта сайт яратиб, Instagram орқали “Компенсация расмийлаштириш маркази” номи остида ёлғон реклама тарқатган.
Фирибгарлар фуқароларни сохта сайтга йўналтириб, улардан анкета тўлдириш ва банк картаси маълумотларини киритишни талаб қилган. Натижада фойдаланувчиларнинг карта реквизитлари қўлга киритилиб, ҳисобидаги маблағлар ечиб олинган.
ИИВ маълумотига кўра, жиноятни уюшган жиноий гуруҳ содир этган бўлиб, унинг фаолиятига 2002- ва 2006 йилда туғилган шахслар ҳам жалб қилинган.
Суриштирув давомида гуруҳ 26 нафар фуқаро номига расмийлаштирилган 293 та банк картаси — "дроп" карталардан фойдалангани аниқланган. Ўғирланган маблағлар аввал ушбу карталарга ўтказилиб, сўнг Telegram мессенжеридаги махсус криптоботлар орқали криптоактивларга айлантирилган.
Тергов давомида жиноий гуруҳ республика бўйлаб 456 нафар фуқародан 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштиргани аниқланган. Гуруҳ фаолиятига Андижон вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида чек қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 278-6-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.








