Беларусга ишлашга бориб, алданиб қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди
Фуқаро Минскка етиб боргач, иш берувчи билан алоқаси узилиб, маблағсиз ва оғир аҳволда қолган.

Беларусга ишлаш учун бориб қийин аҳволда қолган фуқаро дипломатик ваколатхона ҳамда Миграция агентлиги кўмагида у Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонасига фуқаро М.Т. мурожаат қилиб, оғир молиявий аҳволга тушиб қолгани сабабли ватанга қайтишда амалий ёрдам сўраган.
Аниқланишича, М.Т. жорий йилнинг июль ойида меҳнат фаолиятини олиб бориш мақсадида Беларусга борган. Бироқ Минск шаҳрига етиб келгач, уни ишга таклиф қилган шахс алоқага чиқмай қўйган. Бир неча кун давомида иш берувчи билан боғланишга уринишлар самара бермагач, фуқаро маблағсиз ва қаровсиз қолган.
Шундан сўнг элчихона ходимлари фуқародан зарур ариза ва ҳужжатларни тезкор тартибда қабул қилган. Ўзбекистон Миграция агентлиги билан ҳамкорликда Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан унинг номига Ўзбекистонга қайтиш учун авиачипта расмийлаштирилган.
Кўрсатилган амалий ёрдам натижасида М.Т. 24 июль куни Белавиа авиакомпаниясининг Минск–Тошкент рейси орқали Ўзбекистонга қайтарилган.








