3,2 млрд сўм қиморга тикилди: банк ходими мижозлар маблағини ўзлаштирган
Андижонда онлайн қимор билан боғлиқ бир нечта фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.

Андижонда онлайн қиморга берилиб кетган шахслар фуқаролар ва мижозларнинг миллиардлаб сўм маблағларини ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Биринчи ҳолатда банкнинг халқаро пул ўтказмаларига оид ҳисобварақлари учун масъул ходими мижозларнинг 3,2 млрд сўмдан ортиқ маблағини ўзлаштирган. Тергов давомида у пулларни халқаро пластик картасига ўтказиб, Хbet онлайн қимор ўйинларида ютқазгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ходим қамоққа олинган. Тергов якунланиб, иш судга юборилган.
Яна бир ҳолатда 30 ёшга ҳам кирмаган фуқаро танишининг ишончига кириб, ундан 26 минг долларга тенг иккита «Дамас» автомобилини олган. Кейинчалик маълум бўлишича, у автомобилларни онлайн қиморда ютқазиб юборган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, суд муҳокамасига юборилган.
Бундан ташқари, Хўжаобод туманида «Умра» зиёратига боришни режалаштирган 74 нафар фуқаро диний соҳа ходимига ишониб, жами 1,3 млрд сўм пул топширган. Бироқ у маблағларни зиёрат сафарини ташкил этишга сарфлаш ўрнига онлайн қимор ўйинларида ютқазган.
Суд ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбли деб топилиб, 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.








