Австралия меҳнат бозорига йўл очилмоқда: ўзбекистонлик мутахассислар ишга жалб этилиши мумкин
Австралиянинг Шимолий ҳудуди вакиллари билан ўзбекистонлик малакали ишчиларни жалб қилиш бўйича музокаралар ўтказилди.

Австралия Ўзбекистондан малакали ишчиларни жалб қилишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси ва мамлакатнинг Цингапурдаги элчихонаси кўмагида Австралиянинг Шимолий ҳудуди вакиллари билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказилди.
Учрашувда ўзбекистонлик мутахассисларни Австралияда иш билан таъминлаш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, Австралиянинг малакали ишчи кучига, жумладан, нефть ва газ саноатидаги кадрларга бўлган эҳтиёжи кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини уюшган ва қонуний асосда ишга жойлаштириш, уларнинг касбий ҳамда тил тайёргарлигини халқаро талабларга мослаштириш ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида дастлабки консуллик маслаҳатлашувларини ўтказиш масаласини ҳам кўриб чиқишга келишиб олдилар.
Музокараларда Миграция агентлиги ва Касбий таълим агентлиги вакиллари ҳам иштирок этиб, Ўзбекистоннинг инсон ресурслари салоҳиятини тақдим этди.








