Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонга жўнаб кетди
Ташриф доирасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви ўтказилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровнинг таклифига биноан 30 июль куни давлат ташрифи билан Қирғизистонга жўнаб кетди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Чўлпонота шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари ўртасида олий даражадаги икки томонлама музокаралар бўлиб ўтади.
Шунингдек, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш режалаштирилган.
Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви ҳамда бошқа расмий тадбирларда ҳам иштирок этади.








