Қурилишдаги қўпол ҳуқуқбузарликлар учун ҳар бир квадрат метрга жарима солиниши мумкин
Ноқонуний қурилишда иштирок этган буюртмачи, пудратчи ва айрим ҳолларда субпудратчиларга ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтгача бажарилган қурилиш ҳажми бўйича молиявий санкция қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистонда шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузганлик учун қурилишнинг ҳар бир квадрат метрига БҲМнинг 5 баравари миқдорида молиявий санкция қўллаш таклиф этилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
11 август куни Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган ҳужжат билан Шаҳарсозлик кодекси ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси ўринбосари Нозимбек Рустамбековнинг маълум қилишича, амалдаги таъсир чоралари айрим ҳолларда ҳуқуқбузарликлар учун етарли иқтисодий тўсиқ яратмаяпти. Амалиётда қурилишни сунъий равишда чўзиш, ер участкасини қурилишсиз захирада сақлаш, тасдиқланган шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларига зид қурилиш ҳамда ваколатли органни хабардор қилмасдан қурилиш ишларини бошлаш каби ҳолатлар учрамоқда.
Қонун лойиҳасида шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкция жорий этилиши кўзда тутилган. Бунда ҳар қандай техник хато ёки камчилик учун эмас, қонунда аниқ белгиланган қўпол ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик қўлланади.
Хусусан, тасдиқланган шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларига зид равишда қурилиш олиб бориш, ер участкасининг функционал мақсадига мос бўлмаган объект қуриш, тегишли лойиҳа ҳужжатларисиз қурилиш ишларини бажариш, шунингдек, айрим йирик нотурар объектларни ваколатли органни хабардор қилмасдан қуришни бошлаш ёки ёлғон маълумот тақдим этиш шулар жумласидан.
Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда буюртмачи, пудратчи ва тегишли ҳолларда субпудратчига ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтга қадар амалга оширилган жами қурилиш ҳажмининг ҳар бир квадрат метри учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида молиявий санкция қўлланиши мумкин.
Бунда жаримани тўлаш ноқонуний қурилишни қонунийлаштирмайди. Ҳуқуқбузар объектни шаҳарсозлик ҳужжатлари ва қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолатга келтириши керак бўлади.
Мажлисда келтирилган маълумотларга кўра, 2023 йилда шаҳарсозлик қонунчилигини бузиш билан боғлиқ қарийб 8 мингта ҳуқуқбузарлик аниқланган. 2024 йилда бу кўрсаткич қарийб 9 мингтага етган. 2025 йилда эса 2653 та ҳолатда маъмурий жарима қўлланилган, 2350 та объектда аниқланган қоидабузарликлар буздириш орқали бартараф этилган.
Қонун лойиҳасида, шунингдек, урбанизация соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни Шаҳарсозлик кодексида тизимли равишда мустаҳкамлаш ва Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг ваколатларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Депутатлар ҳужжат ноқонуний қурилишларни қисқартириш, қурилиш бозорида ҳалол рақобатни таъминлаш, ер ва кўчмас мулк ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.








