“Тошкентда қурилиш катта коррупция ва хавфга айланди” - Алишер Қодиров
“Миллий тикланиш” партияси етакчиси қурувчиларнинг катта фойда кўриш учун қонунларни четлаб ўтаётгани ва одамлар ҳаёти хавфга қўйилаётганини кескин танқид қилди.

Қонунчилик палатаси йиғилишида шаҳарсозлик соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси, депутат Алишер Қодиров қонун лойиҳасига муносабат билдирар экан, ноқонуний қурилишлар масаласида кескин фикрларни илгари сурди.
Унинг таъкидлашича, тадбиркорлар учун яратилаётган қулай шароитларга зарар етказиши мумкин бўлган ортиқча жарималарга эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур. Бироқ, ноқонуний қурилишлар, жумладан, рухсат этилган қаватлар сонидан ортиқ бино қуриш ҳолатлари аҳоли хавфсизлиги учун жиддий таҳдидга айланган.
“Уч этажга рухсат олиб, лекин ўн икки этаж қилиб қуриш каби масалалар бугун жуда катта хавфга айланибди”, — деди Алишер Қодиров.
Депутат соҳада катта молиявий манфаатлар мавжудлиги коррупцияга оид хавфларни ҳам кучайтираётганини таъкидлади. Унинг айтишича, айрим қурилиш объектларидан олинадиган даромад жуда катта бўлгани сабабли амалдаги қонунчиликни четлаб ўтишга уринишлар юзага келмоқда.
“Жуда катта маблағлар айланяпти. Ва бу маблағларнинг ҳаммаси катта даромад учун қилинаётган... Бу масала коррупциялашиб кетибди. Ва бу нарса бизни хавфга соляпти”, — деди у.
Алишер Қодиров ноқонуний қурилишларнинг оқибатлари фақат иқтисодий ёки ҳуқуқий масала эмас, балки бевосита инсонлар ҳаёти ва хавфсизлигига тааллуқли эканини таъкидлади.
У ўз фикрини Колумбияда яқинда юз берган зилзила, шунингдек, Туркияда бир неча йил аввал содир бўлган кучли зилзилалар оқибатлари билан боғлади.
“Мана, яқинда Колумбияда, бир неча йил аввал Туркияда бўлган ер қимирлаши... Ичида одамлар яшайдиган катта-катта бинолар қумдек тўкилиб кетяпти. Буни 'тадбиркор даромад кўриши керак эканʼ деб, аҳолини бунақанги катта хавфга солишимиз мумкин эмас”, — деди депутат.
Унинг таъкидлашича, қурилиш нормаларини четлаб ўтиш орқали қўшимча даромад олишга интилиш келажакда инсонлар ҳаётига хавф туғдириши мумкин.
“Агар битта қурувчи мавжуд қонунларнинг устидан сакраб ўтиб кета олса, даромад учун аҳолимизни катта хавфга қўядиган бўлса, шаҳарнинг хоҳлаган жойида, хоҳлаган қурилишини хоҳлагандек қилиб қуриб, давлат билан фуқаро орасидаги ижтимоий муносабатларни бузишга олиб келаётган бўлса, ким ҳуқуқ берган қурувчиларга бунақа бемалол тутишга Ўзбекистонда?”
Депутатнинг фикрича, янги қонуннинг асосий вазифаларидан бири қурувчини ноқонуний қурилишдан иқтисодий манфаат кўрмайдиган ҳолатга келтириш бўлиши керак.
“Пули билан масалани ҳал қилмоқчи бўлган қурувчи аввалдан билсин: бу иш зарарга олиб келади уни. Кимларгадир пул бериб ёки қаердадир қайсидир масалаларни айланиб ўтириб ҳал қилиб кета олмайди энди”, — деди Қодиров.
У ноқонуний қурилиш учун белгиланган жарима ва бошқа жавобгарлик чоралари қурилиш бошланишидан олдин тадбиркорни иқтисодий ҳисоб-китоб қилишга мажбур қилиши кераклигини билдирди.
“Битта ноқонуний қурилиш қилдими, квадрат метрига қилинаётган жазо уни бошиданоқ ҳисоб-китобини қилиб, бу ишни қилиши зарарли эканлигига олиб келади”, — деди депутат.
Алишер Қодиров шаҳарсозлик соҳасини тартибга солиш осон эмаслигини, шу сабабли Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасига катта масъулият юклатилганини қайд этди.
Шу билан бирга, депутат тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва мамлакат иқтисодий ривожига хизмат қиладиган шароитларни яратиш зарурлигини ҳам таъкидлади. Бироқ унинг фикрича, қурилиш соҳасида инсонлар хавфсизлиги биринчи ўринда туриши керак.
“Ҳар қандай тадбиркорлар, ҳар қандай даромад, мамлакатимизнинг иқтисодий даромадлари ҳақида албатта қайғуришимиз керак ва қўллаб-қувватлашимиз керак. Лекин биринчи масаламиз халқимизнинг хавфсизлиги ва халқимизнинг турмуш шароитини кўтариш, уларни мана шу, айнан шунақа табиий муаммолардан, асосийси, асраш ҳақида бўлиши керак”, — деди у.
Қодиров қонун лойиҳаси концепциясига эътирози йўқлигини билдириб, иккинчи ўқишда ҳужжатни батафсил муҳокама қилиш мумкинлигини таъкидлади.
“Мамлакатимизда аҳолимизнинг ҳаётини хавф остига қўядиган ҳар қандай тадбиркор бу мамлакатда даромад олмоқ тугул, яшаш ҳақида ҳам хавфга тушиб қолиши керак. Мамлакатимиз мана шунақа хавфсиз мамлакат бўлиши керак”, — дея хулоса қилди депутат.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.








