Илҳом Алиев 23–24 август кунлари Ўзбекистонда бўлади
Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ва Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ўтказилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 23–24 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади.
Ташриф доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентларининг олий даражадаги музокаралари ҳамда икки давлат раҳбарлари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган.
Музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олади.
Шунингдек, томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, транспорт-транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари, шунингдек, кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашиши кутилмоқда.
Ташриф якунида икки томонлама салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзолаш, шунингдек, қатор янги иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.
Айни кунларда Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудлари форуми ва бошқа қўшма тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.








