Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси делегациясини қабул қилди
Учрашув якунида икки мамлакат ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.

Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг конгрессменлар Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейсдан иборат делегациясини қабул қилди.
Учрашув аввалида америкалик конгрессменлар Ўзбекистон Президенти ва халқини мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табрикладилар.
Мулоқотда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама муносабатларда ижобий суръат кузатилаётгани, сиёсий мулоқот юқори даражада экани, алоқалар ва ўзаро ташрифлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Икки мамлакат етакчилари яқинда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот чоғида стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил бошидан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошгани қайд этилди.
Энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат соҳаларидаги йирик лойиҳаларни назарда тутувчи уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастурини изчил амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни ривожлантиришда АҚШ Конгрессининг муҳим ўрни қайд этилди.
Шунингдек, АҚШнинг Миссури, Шимолий Каролина, Техас ва Гавайи штатлари билан тўғридан-тўғри ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.
Мулоқот давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш мақсадида ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.








