Шавкат Мирзиёев Владимир Зеленский ва Украина халқини Мустақиллик куни билан табриклади
Зеленский Ўзбекистон билан анъанавий дўстликни юксак қадрлашини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Украина Президенти Владимир Зеленскийга мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан табрик мактуби йўллади. Бу ҳақда Зеленский ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Давлат раҳбари мактубида Владимир Зеленский ва Украина халқини ушбу муҳим сана билан самимий муборакбод этиб, мамлакатга тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилакларини билдирган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги анъанавий дўстлик ришталари ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар келгусида ҳам изчил ривожланишига ишонч билдирган.
“Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ришталари ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган муносабатлар изчил ривожланиб бораверади”, — дейилади табрик мактубида.
Президент Шавкат Мирзиёев Владимир Зеленскийга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва давлат хизматидаги фаолиятида муваффақиятлар, Украина халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилаган.
Ўз навбатида, Владимир Зеленский Шавкат Мирзиёевга самимий табриклари учун миннатдорчилик билдирган.
У Украина Ўзбекистон билан анъанавий дўстлик муносабатларини юксак қадрлаши, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик ва савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга содиқ эканини таъкидлаган.
Украина Президенти Шавкат Мирзиёевга сиҳат-саломатлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинч ва фаровон келажак тилаган.








