АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Мамлакат электр тармоғида хорижий ускуналардан фойдаланишга чекловлар жорий этилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат электр энергетика тизимига хориждан етказиб берилаётган ускуналар билан боғлиқ хавфлар сабаб миллий фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Фармонга кўра, агар хорижда ишлаб чиқарилган электр жиҳозлари ёки технологиялар миллий хавфсизликка таҳдид туғдириши аниқланса, АҚШ расмийлари уларни сотиб олиш, импорт қилиш, ўтказиш ва ўрнатишни чеклаши ёки тақиқлаши мумкин.
Трампнинг таъкидлашича, маълумотлар марказлари, сунъий интеллект технологиялари ва мудофаа саноатининг жадал ривожланиши АҚШнинг барқарор электр таъминотига қарамлигини янада оширган. Шу сабабли электр тармоғига қарши эҳтимолий ҳужумларнинг оқибатлари янада жиддий бўлиши мумкин.
Ҳужжатда айрим юқори кучланишли трансформаторлар, ақлли электрон қурилмалар, генераторлар, қуёш ва батарея тизимлари учун инверторлар, шунингдек, электр тармоғидаги заифликлардан киберҳужумларда фойдаланиш имконини берадиган айрим хорижий дастурий таъминот ва рақамли компонентлар хавф туғдириши мумкинлиги қайд этилган.
Трамп фармонда хориждан электр жиҳозлари етказиб берилиши билан боғлиқ вазиятни АҚШнинг миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига ғайриоддий ва фавқулодда таҳдид сифатида баҳолаган.







