АҚШ, Россия ва Украина музокараларга тайёрланмоқда: Уиткофф кун тартибини очиқлади
Музокаралар 10–11 ноябрь кунлари Абу-Дабида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

АҚШ президентининг махсус вакили Стив Виткофф Абу-Дабида АҚШ, Россия ва Украина ўртасида ўтказилиши режалаштирилган уч томонлама музокараларда қандай масалалар муҳокама қилинишини маълум қилди.
Унинг X ижтимоий тармоғида ёзишича, учрашув 10–11 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Музокараларда Украина можароси якунланганидан кейинги хавфсизлик, кескинликни камайтириш, гуманитар масалалар ҳамда тинчликка эришиш йўлидаги навбатдаги қадамлар кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, Виткофф шу ҳафта АҚШ музокарачилари Брюсселда Франция, Германия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари билан учрашишини билдирди.
Ушбу музокараларда Киев учун хавфсизлик кафолатлари, можаро якунланганидан кейинги Европа хавфсизлик архитектураси ҳамда Украинанинг тикланиши учун иқтисодий имкониятлар муҳокама қилинади.
«Биз Киев, Осло ва Санкт-Петербургда келажак авлодлар учун узоқ муддатли хавфсизликни таъминлайдиган кенг қамровли ва барқарор тинчлик келишувига эришиш йўлида эришилган ютуқларни мустаҳкамлашга умид қиламиз», — деб ёзди махсус вакил.
Уч томонлама музокаралар форматига қайтиш масаласи 21 октябрь куни Виткофф ва Россия президенти Владимир Путин учрашувида муҳокама қилинган эди. Ўшанда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Москва 10 ноябрь атрофида маслаҳатлашувларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирган.
Унинг таъкидлашича, музокараларнинг асосий мавзуси Россия ва Украина учун хавфсизлик тизимини яратиш бўлади. Шу билан бирга, учрашувнинг аниқ санаси жанг майдонидаги ва умумий вазиятга боғлиқ экани айтилган.








