Исроил мухолифати Нетаньяхуга қарши: бош вазирликка собиқ ҳарбий тавсия қилинди
Бироқ янги ҳукуматни шакллантиришда араб партиялари билан ҳамкорлик масаласи мухолифат ичидаги асосий келишмовчилик бўлиб қолмоқда.

Исроилда мухолифат партиялари собиқ армия бош штаби раҳбари Гади Эйзенкотни бош вазирликка номзод сифатида қўллаб-қувватлашга келишиб олди. Беш партия етакчиси Бинямин Нетаньяху ҳукуматини имкон қадар тезроқ алмаштириш ва янги коалиция тузиш ниятида эканини билдирди.
3 ноябрь куни Тель Авив шимолидаги Герцлия шаҳрида ўтказилган учрашувда Эйзенкот, собиқ бош вазир Нафтали Беннетт, “Исроил – бизнинг уйимиз” партияси раҳбари Авигдор Либерман, “Демократлар” партияси етакчиси Яир Голан ҳамда “Еш Атид” партияси раҳбари Яир Лапид иштирок этди. Бу 27 октябрда бўлиб ўтган сайловдан кейин мухолифат етакчиларининг илк қўшма учрашуви бўлди.
Улар қўшма баёнотда барча партиялар Эйзенкот номзодини президент Исаак Герцогга тавсия этишини маълум қилди. Шунингдек, коалиция келишуви ва янги ҳукумат дастурини ишлаб чиқиш учун музокара гуруҳлари иш бошлаши билдирилди.
Бироқ мухолифат араб партиялари билан ҳамкорлик қилиш масаласида якдил эмас. Сайлов натижаларига кўра, Нетаньяху блоки 53 та, мухолифат 48 та, араб партиялари эса жами 19 та ўринни қўлга киритган. Кнессетда кўпчиликни таъминлаш учун 61 та мандат зарур. Шу сабаб араб депутатларининг қўллаб-қувватлаши янги ҳукуматни шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.
Мухолифат етакчиларидан Яир Голан араб партиялари билан иттифоқ тузишни очиқ қўллаб-қувватламоқда. Авигдор Либерман эса уларни коалицияга киритишга қатъий қарши. Эйзенкот илгари сурган тамойиллар орасида ҳукумат таркибидаги барча партиялар Исроилни яҳудий давлати сифатида тан олиши ва ҲАМАСни террорчилик ташкилоти деб эътироф этиши талаби ҳам бор. Бу шартлар айрим араб партиялари билан келишувга эришишни қийинлаштириши мумкин.
Айни пайтда Нетаньяху ҳам ўз раҳбарлиги остида кенг кўламли миллий ҳукумат тузишга чақирди. Унинг таъкидлашича, 27 та мандатга эга “Ликуд” партияси парламентдаги энг йирик сиёсий куч бўлиб қолмоқда. Бироқ мухолифат етакчиларидан ҳеч бири у билан коалиция тузишга тайёрлигини билдирмаган.
Исроил президенти Исаак Герцог 4–5 ноябрь кунлари партиялар билан маслаҳатлашувлар ўтказади. Эйзенкот араб депутатларининг ҳам қўллаб-қувватлашига эришса, бош вазирликка номзод сифатида энг кўп тавсияни олиши мумкин.
Маълумот учун, 27 октябрь куни ўтказилган сайловда ҳеч бир сиёсий блок Кнессетдаги 120 ўриндан етарлисини қўлга кирита олмаган.








