Ядровий зарба хавфи: Эрон аҳолига фавқулодда кўрсатмаларни эълон қилди
Эрон давлат телевидениеси ядровий зарба берилган тақдирда аҳолининг қандай ҳаракат қилиши кераклиги ҳақида кўрсатмаларни намойиш этди.

Эрон давлат телевидениесида ядровий зарба юз берган тақдирда аҳоли қандай ҳаракат қилиши кераклиги ҳақида кўрсатмалар берилди. Унда фуқароларга камида 24 соат давомида бошпанада қолиш тавсия қилинган. Бу ҳақда Clash Report Al Arabiya маълумотларига таяниб хабар берди.
Кўрсатмаларда портлаш вақтида кучли ёруғликка қарамаслик, тўсиқ ортига яшириниш, ерга ётиб, бош ва юзни ҳимоя қилиш тавсия этилган. Зарба тўлқини ўтганидан кейин эса энг яқин бинога кириш, дераза ва ташқи деворлардан узоқроқ туриш кераклиги айтилган.
Шунингдек, фуқароларга устки кийимларини силкитмасдан ечиш, уларни пакетга солиб, оғзини маҳкам ёпиш, очиқ қолган тана қисмларини сув ва совун билан ювиш тавсия қилинган. Аҳоли идишдаги ичимлик суви ва қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиши, 24 соат ўтгач ҳам расмий идораларнинг кўрсатмаларисиз бошпанани тарк этмаслиги керак.
India Today нашрининг ёзишича, Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA ушбу видео-йўриқнома ва тавсияларни 29 октябрь куни Пассив мудофаа ҳафталиги доирасида эълон қилган. Саккиз дақиқалик видео Исфаҳон вилояти фавқулодда хизматлари томонидан тайёрланган.
Мазкур огоҳлантиришлар АҚШнинг Эронга эҳтимолий ядровий зарбаси ҳақидаги тасдиқланмаган даъволар ортидан эътибор марказига тушди. Америкалик журналист Такер Карлсон 2 ноябрь куни Х ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг босими остида бир неча кун ичида Эронга ядровий зарба бериши мумкинлигини даъво қилган.
Карлсон эҳтимолий нишон сифатида Эрон марказидаги Пикакс тоғи ҳудудини кўрсатган. Унинг фикрича, у ердаги ядровий объектларнинг туннелларини йўқ қилиш учун АҚШ арсеналидаги оддий қуроллар етарли эмас ва ягона ҳарбий вариант ядровий зарба бўлиши мумкин.
Журналист ўз даъволарини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган. Clash Report маълумотига кўра, Оқ уй ва Исроилнинг БМТдаги вакили ушбу даъволарни рад этган. Эрон расмийлари эса фуқаро мудофааси бўйича кўрсатмаларни муайян ташқи таҳдид билан боғламаган.
Маълумот учун, Эрон ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Пассив мудофаа ҳафталигини ўтказиб келади. Бироқ аввалги йилларда ядровий ҳужумдан ҳимояланишга бағишланган шунга ўхшаш қўлланма эълон қилингани ҳақида маълумот йўқ.








