Майда безориликдан полиция буйруғига бўйсунмасликкача: Россияда депортация чоралари кенгайтирилди
Миграция қоидаларини бузганлик учун жазолар кучайтирилди.

Россияда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган хорижий фуқароларни мамлакатдан депортация қилишга асос бўладиган ҳолатлар рўйхати кенгайтирилди. Янги тартиб 3 ноябрдан кучга кирган федерал қонунда белгиланган.
Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция хизмати маълум қилишича, депортация билан жазоланиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони икки баравар ошиб, 45 тага етган.
Улар қаторига майда безорилик, оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларини бузиш, полициянинг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳамда Россия Қуролли Кучларининг обрўсини тушириш каби ҳолатлар киритилган.
Шунингдек, депортация бошқа маъмурий жазолар билан алмаштирилиши мумкин бўлмаган ҳуқуқбузарликлар рўйхати ҳам кенгайтирилган. Унга гиёҳванд моддалар ноқонуний айланиши билан боғлиқ маъмурий қоидабузарликлар ҳам киритилган.
Қонун миграция соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган маъмурий жарималарнинг энг кам ва энг юқори миқдорларини ҳам оширади.
Миграция хизмати янги тартиб жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш жараёнини самаралироқ ва тезроқ амалга оширишга қаратилганини билдирган.








