АҚШнинг Эронга зарбалари: Қешм оролида портлашлар эшитилди
Америка расмийлари ҳужумни мудофаа чораси сифатида таърифлаган.

The Wall Street Journal нашрининг хабар беришича, 2 ноябрь куни кечқурун АҚШ қуролли кучлари Эроннинг Қешм оролига зарбалар берган. Ҳужумлар ортидан мамлакат жанубида портлашлар эшитилган.
Эроннинг Fars ахборот агентлиги эса Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кучлари Ҳурмуз бўғози шарқида АҚШнинг MQ-9 разведка ва ҳужумкор дронини, Қешм оролининг жанубида эса яна иккита MQM-170 учувчисиз учиш аппаратини йўқ қилганини хабар қилган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги ОАВ хабарларига ҳозирча изоҳ бермаган.
The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Америка расмийлари зарбаларни мудофаа мақсадида амалга оширилган ҳаракат сифатида таърифлаган. Уларнинг мақсади Эронни Ҳурмуз бўғозида савдо кемаларига ҳужум қилишни тўхтатишга мажбурлаш бўлган.
Нашр манбаларидан бирининг айтишича, АҚШ минтақада янги ҳарбий ҳаракатлар бошланишининг олдини олиш мақсадида ҳужум ҳақида маълумотни атайлаб ошкор қилмаган.
The Guardian нашри ҳам АҚШ 2 ноябрь куни кечқурун Қешм оролига чекланган миқдорда зарба бергани ҳақида ёзган. Ҳужум АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс дипломатик саъй-ҳаракатлар урушни тугатиш йўлида тўғри йўналишда кетаётганини айтганидан бир неча соат ўтиб содир бўлган.
Нашрнинг қайд этишича, зарбалар мудофаа характерида бўлиб, кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланишининг белгиси сифатида талқин қилинмаяпти.








