Европада бомба таҳдидлари: бешта самолёт текширувдан ўтказилди
Таҳдидлар сабаб айрим самолётлар захира аэропортларига қўнишга мажбур бўлди, бошқалари эса манзилига етиб боргач текширилди.

Европанинг бир нечта мамлакатида турли авиакомпанияларга тегишли бешта самолёт бортида портловчи қурилма борлиги ҳақида хабарлар келиб тушди. Ҳодисалар сабаб айрим рейслар бошқа аэропортларга йўналтирилди, бир нечта аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Икки таҳдид Варшавага йўл олган самолётларга тегишли бўлган. Лондондан учган LOT авиакомпанияси самолёти бомба ҳақидаги хабардан сўнг Варшавадаги Фредерик Шопен аэропорти ўрнига Модлин аэропортига қўнди. Копенгагендан учган SAS самолёти эса белгиланган манзилга етиб боргач, текширувдан ўтказилди. Модлин аэропорти фаолияти бир неча соатга тўхтатилди.
Бундан ташқари, Лондондан Софияга учаётган Wizz Air самолёти таҳдид сабаб Будапештга қўнишга мажбур бўлди. Болгария Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Софияда ҳам Исроилдан келган самолёт бомба ҳақидаги хабар туфайли фавқулодда қўнишни амалга оширган. Вазирлик хабарида ушбу рейснинг қаерга йўл олгани кўрсатилмаган.
Яна бир ҳодиса Испаниянинг Мурсия шаҳрида қайд этилган. Манчестер шаҳридан келган Ryanair самолёти ҳам текширувдан ўтказилган.
Ҳозирча мазкур ҳодисаларнинг ўзаро боғлиқлиги бор-йўқлиги номаълум.








