Шавкат Мирзиёев “Eldridge Industries” компанияси бош директорини қабул қилди
Ўзбекистон ва АҚШнинг ушбу компанияси кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олди.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни АҚШнинг “Eldridge Industries” компанияси ҳаммуассиси, раиси ва бош ижрочи директори Тодд Боэлини қабул қилди.
Учрашувда АҚШнинг мазкур етакчи корпорацияси билан йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Хусусан, тоғ-кон саноати, металлургия ва қурилиш соҳаларида шерикликни кенгайтириш, шунингдек, шаҳар инфратузилмасига замонавий рақамли ечимларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олди.
“Eldridge Industries” активларни бошқариш, суғурта, кўчмас мулк, инфратузилма, технологиялар, спорт ва медиа соҳаларида фаолият юритадиган АҚШ инвестициявий холдингидир. Компания бошқарувидаги активларнинг умумий қиймати 75 миллиард доллардан ошади.








