“Яна номзодимни қўйиш ҳуқуқига эгаман” — Трамп
АҚШ президенти 2020 йилги сайловлар сохталаштирилганини даъво қилиб, учинчи муддатга номзодини қўйиш ҳуқуқи борлигини айтди.

Дональд Трамп Айова штатида тарафдорлари билан учрашувда учинчи муддатга президентликка номзодини қўйиш масаласи ҳақида гапирди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Трамп ўз нутқида қонунчилик унга яна номзод бўлишга рухсат бермаслигини айтган. Унинг таъкидлашича, у бу масалани узоқ вақт ўрганган, бироқ қонундаги чекловлар жуда аниқ ифодаланган.
«Менимча, қонунда яна номзодимни қўя олмаслигим айтилган. Мен бу матнни узоқ вақт ўргандим», — деди АҚШ президенти.
Шунга қарамай, Трамп учинчи муддатга номзодини қўйиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаган. У бунга сабаб сифатида 2020 йилги президентлик сайловларида демократик партия вакиллари томонидан фирибгарлик содир этилгани ҳақидаги даъволарини келтирган.
«Улар фирибгарлик қилишди. Улар сайловларни сохталаштиришди. Демократлар ўша сайловларни сохталаштиришди — биз жуда яхши ишладик. Йўқ, биз уч марта ғалаба қозондик, лекин майли... Менимча, яна номзодимни қўйиш ҳуқуқига эгаман», — деган Трамп.
Бироқ Трампнинг 2020 йилги сайловлар ҳақидаги даъволари учинчи муддатга номзод бўлиш учун қонуний асос яратмайди. АҚШ Конституциясига 1951 йилда киритилган 22-тузатишга кўра, бир шахс президент этиб икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.
Трамп илк бор 2016 йилги сайловларда ғалаба қозониб, 2017 йил январда президент лавозимини эгаллаган. У 2020 йилги сайловларда демократ Жо Байденга ютқазган, 2024 йилги сайловларда эса яна ғалаба қозониб, 2025 йил январда президентликнинг иккинчи муддатини бошлаган. Унинг амалдаги президентлик муддати 2029 йил январда якунланиши керак.








