Украина бўйича музокаралар ноябрда Абу-Дабида ўтказилиши мумкин — Песков
Кремль Украина бўйича музокаралар дастлаб Россия, АҚШ ва Украина иштирокида ўтишини билдирди.

Россия ва Украина ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича уч томонлама музокаралар ноябрь ойининг биринчи ярмида Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, дастлабки учрашув Россия, АҚШ ва Украина вакиллари иштирокида уч томонлама форматда ташкил этилади. Музокараларнинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган.
Песковнинг таъкидлашича, муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири тинчлик келишувига эришилганидан кейин Россия ва Украина хавфсизлигини таъминлаш масаласи бўлади. Унинг фикрича, хавфсизлик масалаларини ҳал қилмасдан туриб, кенг қамровли келишувга эришиш қийин.
Шунингдек, келгусидаги муҳокамаларда Европа вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин. Бироқ бу Европа давлатларининг музокараларга нисбатан позициясига боғлиқ бўлади. Песков Европа хавфсизлик архитектурасини муҳокама қилишда бошқа иштирокчиларни четлаб ўтиш мумкин эмаслигини қайд этди.
Аввалроқ, 21 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президентининг махсус вакили Стив Виткофф Санкт-Петербургдаги учрашувда уч томонлама музокаралар ўтказиш масаласини муҳокама қилган эди.








