Туркиядаги кўмир конида метан портлади: уч киши ҳалок бўлди
Жароҳатланган беш нафар кончи шифохонага ётқизилган.

Туркиянинг Зонгулдак вилояти Килимли туманидаги хусусий кўмир конида 23 октябрь куни метан портлаши содир бўлди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Ҳодиса Гелик қишлоғи яқинидаги кон ҳудудида юз берган. Воқеа жойига қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар, тиббиёт ходимлари ва Туркия Табиий офатларни бошқариш бошқармаси (АFAD) вакиллари юборилган.
Дастлаб, портлаш оқибатида икки кончи ҳалок бўлгани маълум қилинган. Яна беш киши жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Шунингдек, бир кончи ер остида қолиб кетган. Қутқарув ишлари давомида унинг жасади топилган ва ҳалок бўлганлар сони уч нафарга етган.
Туркия Адлия вазирлиги маълумотига кўра, портлаш метан газининг тўпланиши оқибатида юз берган. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ва жароҳатланганларнинг аҳволи ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берилмаган.
Туркия Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи фавқулодда хизматлар воқеа жойида зарур ишларни олиб бораётгани ва вазият назорат қилинаётганини билдирган. Фожиа юзасидан тергов бошланган.








