Эртага Ўзбекистонда навбатдаги “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилади
Ташаббус атмосферага зарарли ташламаларни камайтириш ва экологик барқарор муҳитни шакллантиришга қаратилган.

10 сентябрь куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида навбатдаги “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилади.
Мазкур ташаббус Президентнинг 2026 йил 25 мартдаги “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилмоқда. Унга кўра, ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида “Автомобилсиз кун”, шунингдек, тегишли муддатларда “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб келинмоқда.
Акция автотранспорт воситаларидан атмосферага чиқариладиган зарарли ташламаларни камайтириш, экологик барқарор муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб этишга қаратилган.
Тадбирлар доирасида Экология миллий қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари хизмат ҳамда шахсий автомобилларидан фойдаланиш ўрнига жамоат транспорти, велосипед ва бошқа муқобил транспорт воситаларидан фойдаланмоқда.
Экология қўмитаси маълумотларига кўра, мазкур ташаббуслар натижасида атмосферага чиқариладиган зарарли ташламаларни камайтириш ҳамда шаҳарлардаги транспорт тирбандликларини қисқартиришга эришилмоқда.
“Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари доирасида давлат фуқаролик хизматчиларининг автотранспорт воситаларидан фойдаланиши жавобгарликка сабаб бўлади.








