Аҳоли мурожаатлари эътиборсиз қолдирилди: 151 нафар мансабдор ишдан бўшатилди
Бандлик, маҳалла, МИБ, соғлиқни сақлаш, прокуратура, ижтимоий ҳимоя ва энергетика соҳаларида мурожаатлар билан ишлашда энг кўп камчилик аниқланган.

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь-август ойларида аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишда камчиликка йўл қўйган 151 нафар давлат ходими лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхоналари матбуот хизмати маълум қилди.
Таҳлилларга кўра, саккиз ой давомида мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан давлат ташкилотларига ходимларга нисбатан чора кўриш бўйича 5 486 та ҳужжат киритилган.
Натижада вазифаларини етарли даражада бажармаган 151 нафар ходим лавозимидан озод этилган. Яна 833 нафар ходимга ҳайфсан, 150 нафарига маъмурий жазо қўлланган. Шунингдек, 1 335 нафар ходим расман огоҳлантирилган, 89 нафари жаримага тортилган ва 8 нафарининг лавозими пасайтирилган.
Мурожаатлар билан ишлашда энг кўп камчиликлар бандлик, маҳалла, Мажбурий ижро бюроси, соғлиқни сақлаш, прокуратура, ижтимоий ҳимоя ва энергетика соҳаларида аниқланган.
Президент Халқ қабулхоналари мурожаатлар асосида масъулларга нисбатан чора кўриш билан бирга, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳам иш олиб бормоқда.
Хусусан, мурожаатлар энг кўп келиб тушаётган 10 га яқин ташкилотда амалий ўқув семинарлари ташкил этилган.








