Шавкат Мирзиёев Корея Эксимбанки раиси билан учрашди
Томонлар 8 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастурини амалга ошириш, юқори тезликдаги поездлар, муҳим минераллар, тиббиёт ва рақамли технологиялар бўйича лойиҳаларни муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида Корея Экспорт-импорт банки раиси Хван Ки Ён билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Корея Геология ва минерал ресурслар институти (КIGAM) президенти Квон И Гюн ва Корея Материалшунослик институти (КIRAM) директори ўринбосари Бум Сун Ким ҳам иштирок этди.
Томонлар соғлиқни сақлаш, фармацевтика, муҳим материаллар, таълим ва транспорт соҳаларида Корея Эксимбанки ҳамда унинг жамғармалари билан кўп йиллик самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этдилар.
Давлат раҳбари 8 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастурини имзолашни қўллаб-қувватлади. Мазкур дастур доирасида юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларни етказиб бериш, Биомарказ ташкил этиш, муҳим минералларни қайта ишлаш ҳамда рақамли технологияларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Оролбўйи ҳудудида Хотин-қизлар тадбиркорлиги марказини ташкил этиш ва Тошкент – Самарқанд йўналишида янги темир йўл қурилиши лойиҳасига Кореянинг молия институтлари ҳамда компанияларини жалб қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Стратегик аҳамиятга эга муҳим минераллар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма жамғарма ишга туширилгани қайд этилди.
Учрашувда яримўтказгичлар ва янги материалларни ишлаб чиқиш ҳамда синовдан ўтказиш марказини ташкил этиш имкониятларини ўрганиш таклиф қилинди.
Мазкур йўналишлардаги лойиҳаларда Корея Геология ва минерал ресурслар институти ҳамда Корея Нодир металлар институтининг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.








