Шавкат Мирзиёев “Lotte Group” раиси билан учрашди
Томонлар Ўзбекистонда девелоперлик, туризм, меҳмонхона бизнеси ва мис фольгаси ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни муҳокама қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Lotte Group” раиси Шин Донг Бин билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон етакчиси компания Кореянинг мамлакатимиздаги энг йирик инвесторларидан бири эканини, кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик олиб борилаётганини таъкидлади. Устюрт газ-кимё мажмуаси муваффақиятли фаолият юритаётгани алоҳида қайд этилди.
Юртимизда Кореянинг илғор технологиялари асосида девелоперлик лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ҳамда мис фольгаси ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Президентимиз компаниянинг мамлакатимиздаги туризм марказларини бошқариш ва меҳмонхона бизнесида хизматлар сифатини ошириш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлади.
Якунда икки томонлама лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини мониторинг қилиб бориш мақсадида ишчи гуруҳ тузиш юзасидан келишувга эришилди.








