Қорақалпоғистонни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича янги вазифалар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 сентябрь куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, энергетика, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш бўйича режалар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда тадбиркорлар учун қатор имтиёзлар яратилди. Ўтган йили ҳудудга 1,7 миллиард доллар инвестиция киритилган. Бу 2021 йилга нисбатан 22 баробар кўп. Жорий йилнинг биринчи ярмида Қорақалпоғистон иқтисодиёти 10,2 фоизга ўсган.
Энергетика соҳасида сўнгги йилларда 860 мегаватт янги қувват ишга туширилган. Натижада электр ишлаб чиқариш 4 баробар ошиб, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатга етган. «Яшил» энергиянинг ҳудуддаги улуши 23 фоизни ташкил этмоқда.
Ташриф давомида қиймати 7 миллиард долларлик 47 та лойиҳага старт берилди. Жумладан, Қўнғирот туманида 2,6 миллиард долларлик, қуввати 1,5 минг мегаватт бўлган шамол электр станцияси қурилади. 2030 йилгача Қорақалпоғистонда жами 3,3 минг мегаваттлик шамол электр станцияларини ишга тушириш, «яшил» энергия улушини 76 фоизга етказиш ва 400 мегаваттлик энергия сақлаш қувватларини яратиш режалаштирилган.
Транспорт инфратузилмасида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. А-380 автомобиль йўлининг Қўнғирот ҳудудидан ўтувчи 240 километри 384 миллион доллар ҳисобига бетон қопламага ўтказилган. Йўлнинг Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларидан ўтувчи яна 92 километр қисмида 233 миллион долларлик қурилиш ишлари бошланган.
Келаси йил март ойидан Тошкент–Нукус йўналишида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилиши кутилмоқда. Натижада сафар вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради.
Йиғилишда ҳудуднинг минерал ва энергетика ресурсларини чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш масаласига ҳам эътибор қаратилди. «Қўнғирот – Қораўзак – Тахиатош» йўналишини «яшил саноат йўлаги»га айлантириш режалаштирилган.
Сунъий интеллект ва дата-марказлар учун ташкил этиладиган махсус зонада 8 миллиард долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилади. Уч йил давомида Нукус, Қўнғирот, Қораўзак ва Тахиатошда 1,5 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, булутли технологиялар ва сунъий интеллект хизматлари экспортини йилига 600 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди.
Шунингдек, «яшил» энергияни карбон кредитларига айлантириш орқали йилига 50–100 миллион доллар даромад олиш имконияти қайд этилди. Йил якунигача Оролнинг 50 минг гектар ҳудудида «ўрмон карбон кредити» дастурини бошлаш топширилди.
Инвестиция йўналишида келаси йили Қорақалпоғистонга 5 миллиард доллар жалб қилиш вазифаси қўйилди. Тўқимачилик ва чарм саноати, электротехника, қурилиш материаллари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва фармацевтика соҳаларида янги лойиҳалар амалга оширилади.
Аҳоли бандлигини ошириш учун банкларнинг ишончли мижозларига 16 фоизли 300 миллиард сўмлик кредит линияси очилади. Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясининг фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаши ҳисобига тадбиркорлар учун кредит ставкаси 12 фоизгача туширилади. Оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси ҳам 17,5 фоиздан 12 фоизга камайтирилади.
Қишлоқ хўжалигида сув йўқотишларини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудуддаги 417 минг гектар ерга сув етказиш учун йилига 5,7 миллиард куб метр сув сарфланади. Унинг 38 фоизи, яъни 2,1 миллиард куб метри йўқотилмоқда.
Тўрткўлдаги «Ёнбош» ва Бўзатовдаги «Эркиндарё» каналларини бетонлаш, сув иншоотлари ва артезиан қудуқлар қуриш учун 135 миллиард сўм ажратилади. Келаси йил 17 минг гектарда озуқа экинлари етиштириб, 2 минг кишини даромадли қилиш режалаштирилган.
Чорвачиликни ривожлантириш учун фойдаланилмаётган яйлов ва ерлар ўзлаштирилади.
Бўзатовда 7,5 минг гектар ерни озуқа етиштиришга мослаштиришга 100 миллиард сўм йўналтирилади. Озуқа етиштирувчиларга ҳар гектар учун 500 минг сўмдан субсидия берилади.
Боғдорчиликда 30 минг гектарда шўрга чидамли олхўри ва кечки ўрик плантацияларини ташкил этиш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилади. Бу орқали 20 минг кишини иш билан таъминлаш ва уч йилда мева экспортини камида 500 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Келгуси баҳордан Нукус туманидаги 10 минг гектарда қовун етиштириш йўлга қўйилади. Испания, АҚШ, Нидерландия ва Хитойдан навлар ҳамда мутахассислар жалб қилиниб, маҳсулотни қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган холдинг ташкил этилади.
Нукуснинг «Ашшикўл» ҳудудида 50 минг аҳолига мўлжалланган «Нукус сити» қурилиши бошланди. 270 гектар майдонда энергия тежамкор бинолар, бизнес, савдо ва сервис марказлари ҳамда яшил ҳудудлар барпо этилади.
Ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. Бир йилда 1 минг, келгуси икки йилда яна 5 минг ёшни ахборот технологиялари ва логистика соҳаларида юқори даромадли иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Тиббиёт соҳасида Нукус тиббиёт илмий академияси, Болалар клиникаси, Онкология маркази ва янги кўп тармоқли шифохонани бирлаштирган Университет тиббий кластери ташкил этилади. Мўйноққа бориб ишлаётган шифокорларга берилаётган 200 фоизгача ойлик устама 1 январдан Бўзатов ва Тахтакўпирда ҳам жорий этилади.
Йиғилишда келаси йили қорақалпоқ халқининг буюк шоири ва мутафаккири Бердақ Қарғабай ўғли таваллудининг 200 йиллигини муносиб нишонлаш таклифи ҳам билдирилди. Унинг илмий ва ижодий меросини ўрганиш, рақамлаштириш, асраб-авайлаш ва ёшларга етказишга қаратилган дастурни бир ойда ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилиш якунида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ахборотлари тингланиб, Қорақалпоғистон фаоллари билан мулоқот ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.








