Россиядаги сайловлар: Шавкат Мирзиёев Путинга табрик мактуби йўллади
Ўзбекистон Президенти Россиядаги сайловлар мамлакат жамиятининг сиёсий маданияти ва фуқаролик ҳамжиҳатлигини намоён этганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думасига сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Давлат раҳбари сайловлар Россия жамиятининг юксак сиёсий маданияти ва фуқаролик ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этганини таъкидлади.
Сайловчиларнинг юқори даражадаги иштироки ва овоз бериш натижалари Россия фуқароларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган стратегик йўналишни қўллаб-қувватлаётганидан далолат бериши қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланаётганини таъкидлади. Парламентлараро ҳамкорлик эса икки томонлама лойиҳа ва дастурларни муваффақиятли амалга оширишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Мактубда Ўзбекистон–Россия ҳамкорлигини янада ривожлантириш, уни янги ташаббуслар билан бойитиш ҳамда мамлакатлар ва халқлар фаровонлигига хизмат қиладиган қўшма лойиҳаларни илгари суришга ишонч билдирилди.
Якунда Президент Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга мустаҳкам соғлик ва давлат фаолиятида янги муваффақиятлар, Россия халқига эса тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилади.








