Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедов билан телефонда гаплашди
Ўзбекистон раҳбари Туркманистон Президентини таваллуд куни билан табриклади.

22 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбари Туркманистон Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва давлат фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.
Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг Миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга ҳам ўзининг самимий саломини йўллади. Сердар Бердимуҳамедов, ўз навбатида, давлатимиз раҳбарига Миллий етакчи номидан эзгу тилакларни етказди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, энергетика, транспорт ва бошқа муҳим йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, “Шовот – Тошҳовуз” қўшма савдо зонасининг самарали фаолиятини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқотда минтақавий кун тартибидаги айрим масалалар, жумладан, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ҳамда Туркманистонда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитига тайёргарлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Суҳбат якунида Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти ва халқини яқин кунларда нишонланадиган Мустақиллик куни билан табриклади.








