“Бизга қарорларни амалга оширишга қодир БМТ керак” — Саида Мирзиёева
Президент Администрацияси раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясидаги нутқида Ўзбекистон келгуси йили Қўшилмаслик ҳаракатига раисликни қабул қилишини маълум қилди.

Ўзбекистон келгуси йили Қўшилмаслик ҳаракатига раисликни қабул қилади. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясидаги нутқида маълум қилди.
Саида Мирзиёева Нью-Йоркдаги БМТ Бош қароргоҳида бўлиб ўтаётган юқори даражадаги тадбирда сўзга чиқиб, бугунги мураккаб халқаро вазият шароитида кучли ва ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТга эҳтиёж борлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, БМТ нафақат қарорлар қабул қиладиган, балки уларни амалга оширишга қодир ташкилот бўлиши керак.
Саида Мирзиёева Ўзбекистон БМТ Бош котибининг ташкилотни замон талабларига мослаштиришга қаратилган БМТ-80 ташаббуси доирасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, у БМТ Хавфсизлик Кенгашини замонавий реалликларга мослаштириш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлаган.
“Келгуси йилда биз Қўшилмаслик ҳаракатига раисликни қабул қиламиз. Бу масъулиятни биз қарама-қаршиликлар кучайган бир пайтда мулоқот учун янги майдон яратиш имконияти деб биламиз”, деди Саида Мирзиёева.








