“Ўзбекча гапиришни сўраганим учун самолётдан туширишди” — йўловчи мурожаати
Авиакомпания Самара–Тошкент рейсида юз берган можаро юзасидан расмий изоҳ берди.

Блогер Centrum Air авиакомпаниясининг Самара–Тошкент йўналишидаги рейсида юз берган нохуш ҳолат ҳақида хабар берган.
Унинг айтишича, самолётга кириш вақтида борт кузатувчиси ундан рус тилида чиқиш талонини сўраган. Блогер ундан ўзбек тилида мурожаат қилишни сўраганидан сўнг, улар ўртасида келишмовчилик юзага келган ва у рейсдан туширилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Centrum Air расмий муносабат билдирди.
Авиакомпания маълумотига кўра, воқеа 5 октябрь куни C6468 Самара–Тошкент рейсида содир бўлган.
Centrum Air барча борт кузатувчилари ўзбек, рус ва инглиз тилларини билиши ҳамда йўловчилар билан улар учун қулай тилда мулоқот қила олишини таъкидлаган.
Авиакомпания маълумотига кўра, мазкур ҳолатда йўловчи борт кузатувчисига нисбатан тажовузкор муносабатда бўлган, қўпол тарзда талаблар қўйган, ходимани ҳақорат қилган ва йўловчилар самолётга чиқаётган вақтда унинг ишига халақит берган.
Centrum Air бундай хатти-ҳаракат бортдаги хавфсизлик ва тартибга таҳдид туғдириши мумкинлигини билдирган. Шу сабабли ҳаво кемаси командири йўловчини парвозга қўймаслик ҳақида қарор қабул қилган.
Авиакомпания ушбу қарорни асосли деб ҳисоблашини маълум қилди.
Шунингдек, ҳодисанинг барча тафсилотлари ҳужжатлаштирилгани ва фуқаронинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имконияти кўриб чиқилаётгани билдирилган.








