Мисрга бораётган ўзбекистонликлар учун янги талаблар: 1 ноябрдан тартиб ўзгаради
40 ёшгача бўлганлар оиласи ва 5 минг доллар нақд пул билан, 40 ёшдан ошганлар эса камида 3 минг доллар маблағ билан сафар қилиши шарт.

2026 йил 1 ноябрдан Ўзбекистон фуқароларининг Миср Араб Республикасига кириши бўйича янги тартиблар жорий этилади. Унга кўра, мамлакатга борувчи фуқаролар визани олдиндан расмийлаштириши ва айрим қўшимча талабларга риоя қилиши керак бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси хабар берди.
Дипломатик каналлар орқали олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Мисрга сафар қилишдан аввал кириш визасини Мисрнинг дипломатик ваколатхоналари орқали олишлари шарт. Туристик сафарлар ваколатли туроператорлар орқали ташкил этилади.
40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари — ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари ҳамроҳлигида бориши мумкин. Бунда оила тасарруфида сафар давомида камида 5 минг АҚШ доллари миқдорида нақд маблағ бўлиши талаб этилади.
40 ёшдан ошган мустақил саёҳатчилар эса камида 3 минг доллар миқдорида нақд молиявий маблаққа эга бўлиши лозим.
Мисрга кириш вақтида меҳмонхона бронь қилинганини тасдиқловчи ҳужжат, мобил алоқа маълумотлари ҳамда етарли молиявий таъминотга эга эканини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши керак.
Шунингдек, Миср ҳудудида бўлиш давомида туристлик визани бошқа турдаги визага алмаштириш бўйича мурожаатлар қабул қилинмайди.
Белгиланган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган йўловчилар Мисрга киритилмаслиги ва уларни мамлакатга олиб келган авиакомпания орқали ортга қайтарилиши мумкин.
Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси фуқаролардан Мисрга сафарларни режалаштиришда мазкур талабларни инобатга олишни сўраган.








