“Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” тамойилига ўтишимиз керак — Шавкат Мирзиёев
Президент Туркманистонда ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Шавкат Мирзиёев Туркманистондаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Саммитда минтақавий ва халқаро масалалар, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Марказий Осиёда юз берган ижобий ўзгаришларда давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим ўрин тутганини таъкидлади. У минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва прагматизмга асосланган ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигини қайд этди.
Президент савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш, ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш таклифини илгари сурди.
Иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун қўшма саноат ва технологик занжирлар, умумий рақамли хизматлар ҳамда инвестиция механизмларини яратиш зарурлиги таъкидланди. Шу маънода “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” тамойили илгари сурилди.
Шунингдек, 2027 йилда Хивада Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича умумий ёндашувни шакллантириш таклиф қилинди.
Энергетика, сув ресурслари, экология, муҳим минераллар ва сунъий интеллект соҳаларида ҳам қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббуслар билдирилди.
Саммит якунида давлат раҳбарлари Қўшма баёнотни қабул қилдилар ҳамда бир қатор кўп томонлама ҳужжатларни имзоладилар.








