Зироат Мирзиёева COP31 доирасида Ўзбекистон миллий павильонига ташриф буюрди
Павильонда “Замин” фондининг “Eco-Schools Uzbekistan” лойиҳаси доирасида узлуксиз экологик таълим тизими тақдим этилди.

Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними, «Zamin» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева мамлакатимиз миллий павильонига ташриф буюрди.
Павильон концепцияси «Узумзор – ўтмиш мероси, бугунги ечим, келажак учун илҳом» ғояси асосида ишлаб чиқилган.
Ташриф давомида Зироат Мирзиёева павильонда тақдим этилган миллий экологик лойиҳалар ва ташаббуслар билан танишди.
Жумладан, «Замин» халқаро жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган «Eco-Schools Uzbekistan» лойиҳаси иштирокчилари Биринчи хонимга барча таълим босқичларини қамраб олувчи узлуксиз экологик таълим тизимини тақдим этдилар.
Мазкур тизим мактабгача ва бошланғич таълим учун LEAF, умумтаълим мактаблари учун Eco-Schools, олий ва ўрта махсус касбий таълим муассасалари учун эса Eco-Campus дастурларини ўз ичига олади.
Ўзбекистон миллий павильони COP31 доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга намойиш этиш, тажриба алмашиш ва барқарор келажак йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.








