Зироат Мирзиёева “Ноль чиқинди” Глобал альянсини ташкил этишга бағишланган учрашувда иштирок этди
Ўзбекистон Биринчи хоними альянс доирасида экологик таълимни ривожлантириш ва ёшларнинг экологик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ташаббусларини илгари сурди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг COP31 тадбирларида иштирок этиш учун Туркияга ташрифи доирасида Биринчи хоним Зироат Мирзиёева Анталия шаҳрида бўлиб ўтган юқори даражадаги учрашувда қатнашди.
Тадбирда «Ноль чиқинди» (Zero Waste) Глобал альянси ташкил этилгани эълон қилинди. Мазкур ташаббус давлат ва ҳукумат раҳбарларининг турмуш ўртоқлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндиларни камайтириш тамойилларини халқаро миқёсда илгари суришга қаратилган.
Учрашувда сўзга чиққан Зироат Мирзиёева таклиф ва самимий меҳмондўстлик учун Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдўғанга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, унинг «Ноль чиқинди» ташаббусини халқаро миқёсда илгари суришга қўшаётган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Ўзбекистон Биринчи хоними Глобал альянс ташкил этилишини қўллаб-қувватлаб, унинг доирасида экологик таълимни ривожлантириш, ёшлар томонидан илгари сурилаётган экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалиётга татбиқ этишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.








