«Яндекс»га икки марта дронлар ҳужуми уюштирилди: айрим хизматларда узилишлар кузатилмоқда
Рязань вилоятидаги ва Калуга шаҳридаги маълумотлар марказлари дронлар ҳужумига учради.

Россияда «Яндекс» компаниясининг Калуга шаҳридаги маълумотлар марказига Украинанинг дронлар ҳужуми оқибатида инфратузилманинг бир қисми ишдан чиққан. Компания зарар кўламини баҳоламоқда. Бу ҳақда «Ведомости» нашри компания матбуот хизматига таяниб хабар берди.
«Яндекс» маълумотларига кўра, маълумотлар марказининг бир нечта модули тўлиқ ишдан чиққан. Шу сабабли компаниянинг айрим хизматларида узилишлар кузатилиши мумкин. Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар ва компания мутахассислари ишламоқда. Жабрланганлар йўқ.
8 октябрь куни Рязань вилоятининг Сасово шаҳридаги «Яндекс» маълумотлар маркази ҳам дронлар ҳужумига учраган эди. Ҳужум оқибатида ёнғин келиб чиқиб, инфратузилманинг бир қисмига зарар етган ва марказ фаолияти тўлиқ тўхтатилган.
Компания ўшанда асосий хизматлар одатдаги тартибда ишлашда давом этаётганини, бироқ айрим хизматлардан фойдаланишда муаммолар юзага келиши мумкинлигини билдирган.
Шу куни банклар, йирик ОАВ, транспорт хизматлари ва маркетплейслар сайтларида узилишлар кузатилган. «Сбой.РФ» узилишларни мониторинг қилиш хизмати ҳам ишлаш билан боғлиқ муаммоларга дуч келган.
Фойдаланувчилар «Авито», Т2, Ivi онлайн-кинотеатри ва «Профи.ру» хизматларига киришда муаммолар ҳақида шикоят қилган. «Россия темир йўллари» (РЖД) сайти ҳамда «Циан» кўчмас мулк платформасидаги узилишлар ҳақида компанияларнинг ўзи хабар берган.







