Осиёда ишонч, технология ва иқлим: Шавкат Мирзиёев учта ташаббусни таклиф қилди
Бокудаги саммитда Ўзбекистон Президенти Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқиш, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва иқлим барқарорлиги бўйича ҳамкорликни кучайтириш таклифларини билдирди.

Шавкат Мирзиёев Бокуда бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (ОҲИЧК) еттинчи саммитида иштирок этди. Давлат раҳбари ўз нутқида Осиёда давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, технологик ҳамкорликни ривожлантириш ва иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда ҳаракат қилиш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Саммитда турли мамлакатлар раҳбарлари, ҳукуматлар ва ташқи ишлар идоралари вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар делегациялари иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев дунёдаги чуқур геосиёсий ўзгаришлар давлатлардан янада яқин ҳамкорлик ва биргаликда қарорлар қабул қилишни талаб этаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Осиёнинг турли ҳудудларидаги қуролли можаролар нафақат бевосита можаро иштирокчиларига, балки бошқа минтақалар хавфсизлиги, глобал иқтисодиёт ва миллионлаб инсонлар ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Президент ҳар қандай низо ва келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий-дипломатик воситалар орқали, халқаро ҳуқуқ ҳамда барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилиши лозимлигини билдирди.
Давлат раҳбари Осиёда барқарор муносабатлар тизимини шакллантиришда ОҲИЧК муҳим ўрин тутишини қайд этиб, Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ушбу ҳужжатда давлатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари ҳамда аниқ чора-тадбирларини белгилаш назарда тутилади.
Президент транспорт ва энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳалар, савдо ва рақамли алоқаларни ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим омиллари эканини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев технологик тараққиёт ва иқлим ўзгаришлари давлатлар олдига янги вазифаларни қўяётганига ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллект катта имкониятлар яратиш билан бирга жиддий хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Шу муносабат билан Технологик ишонч ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича Осиё ташаббуси илгари сурилди. Уни амалга ошириш доирасида ОҲИЧК ҳузурида экспертлар майдонини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу майдонда мутахассислар умумий тавсиялар ишлаб чиқиши ва амалий чораларни келишиб олиши мумкин бўлади.
Шунингдек, ОҲИЧКга аъзо давлатларнинг иқлим ўзгаришларига мослашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида иқлим барқарорлиги бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Ўзбекистон ОҲИЧКнинг инсон мезони бўйича координатори экани қайд этилди. Шу муносабат билан мамлакат келгуси йили Инсон салоҳиятини ривожлантириш бўйича форум ўтказишга тайёрлиги билдирилди. Шунингдек, Кенгашнинг 2028 йилгача мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатига раисликни қабул қилиши муносабати билан давлат раҳбари ташкилотнинг келгуси йили Тошкентда ўтказиладиган йигирманчи саммитига иштирокчиларни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ОҲИЧКнинг ташкилий асосларини мустаҳкамлаш ва унинг низомини такомиллаштириш бўйича ишларни қўллаб-қувватлашини билдирди. У Кенгаш бош котиби лавозимига Озарбайжон томонидан илгари сурилган номзодни қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, Озарбайжоннинг ташкилотга раисликни 2028 йилгача давом эттириш ниятини олқишлади.








