Саида Мирзиёева Туркиянинг таълим тажрибаси билан танишди
Ташриф давомида ўқувчилар, талабалар ва педагоглар учун янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Саида Мирзиёева Истанбул шаҳрига ташрифи давомида Нажмиддин Билол Эрдўған билан биргаликда Ибн Халдун университети ва «Енидоғу» мактабига борди.
Ташриф давомида мазкур таълим муассасаларининг ўқитиш услублари ва таълим жараёнига ёндашувлари билан танишилди. Саида Мирзиёева таълим сифатини ошириш, ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш ҳамда уларда мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган амалиётларга алоҳида қизиқиш билдирди.
Учрашувларда Ўзбекистон ва Туркия таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ҳамда мактаб ўқувчилари, талабалар ва педагоглар учун янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ушбу йўналишларда алоқаларни ривожлантиришга келишиб олди.
Таълим соҳаси Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Мазкур соҳадаги ҳамкорлик ёшларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, шунингдек, икки халқ ўртасидаги ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.








