“Самарқанд глобал савдо чорраҳаси” — Рубио
АҚШ Давлат котибининг айтишича, юзлаб Америка компаниялари Ўзбекистонга узоқ муддатли ҳамкорлик учун келган.

Марко Рубио ўз саҳифасида эълон қилган видеолавҳасида Самарқанднинг халқаро савдо маркази сифатидаги тарихий аҳамиятига тўхталди.
Унинг таъкидлашича, Самарқанднинг глобал савдо чорраҳаси сифатидаги ўрни бугун яна тикланмоқда. Рубио Вашингтон дунё бўйлаб ҳамкорлик алоқаларини кенгайтираётганини ва бу жараёнда Ўзбекистон муҳим ўрин тутишини билдирди.
Давлат котиби юзлаб Америка компаниялари Ўзбекистонга аниқ келишувлар тузиш ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида келганини қайд этди.
“Ер юзида Самарқанд каби глобал савдода тарихан муҳим роль ўйнаган жойлар камдан-кам учрайди. Бугун бу ерда бўлиб, нафақат тарихни ёдга олиш, балки келажак учун имкониятлар ҳақида фикр юритиш мен учун шарафдир”, — деди Рубио.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ савдо, илм-фан ва технологиялар соҳаларида Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятларни кўрмоқда.








