Космик ҳамкорлик: Ўзбекистон–АҚШ Артемида битимларини имзолади
Самарқандда Бахтиёр Саидов ва Марко Рубио Ўзбекистон–АҚШ стратегик шериклигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Самарқандда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан Ўзбекистон–АҚШ Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг илк йиғилишини ўтказди.
Музокараларда икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш, савдо ва инвестицияларни кенгайтириш, энергетика, муҳим минераллар ҳамда илғор технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, таълим, маданий-гуманитар алоқалар ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Бахтиёр Саидовнинг таъкидлашича, янги мулоқот механизми ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда стратегик шериклик доирасида янги ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Икки томонлама музокаралардан сўнг Бахтиёр Саидов ва Марко Рубио Артемида битимларини имзолади. Ҳужжат Ой, Марс, кометалар ва астероидлардан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ҳамда уларни тадқиқ этиш бўйича ҳамкорлик тамойилларини белгилайди.
Битим Ўзбекистоннинг NASA ва бошқа иштирокчи давлатлар космик агентликлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, миллий кадрларни тайёрлаш ва космик технологиялар трансфери учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Артемида битимларини имзолаган 77-давлат бўлди.








