Электр энергияси импорти қисқарди: Ўзбекистонда ишлаб чиқариш 8,4 фоизга ошди
Электр энергияси экспорти 21,4 фоизга ошган, импорти эса 27,2 фоизга камайган.

Ўзбекистонда 2026 йил январь–сентябрь ойларида 69,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 8,4 фоизга кўп. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Обиджон Дилмуродов брифингда маълум қилди.
Ҳисобот даврида йирик қуёш ва шамол электр станцияларида 10,5 миллиард киловатт-соат, гидроэлектр станцияларида эса 6,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Ҳар икки кўрсаткич 2025 йилнинг тўлиқ йиллик натижасига етган ёки ундан ошган.
Тўққиз ой давомида истеъмолчиларга 53 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган. Шундан 14 миллиард киловатт-соати аҳоли ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, электр энергияси экспорти 21,4 фоизга ошган, импорти эса 27,2 фоизга камайган.
Йил якунига қадар мамлакатда 94,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши электр таъминоти имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.








