Эрон АҚШ билан можарода ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланди — Теҳрон
Эрон вице-президенти мамлакат урушни истамаслигини, тинчликни қарама-қаршиликдан устун қўйишини таъкидлади.
Эрон АҚШ билан можаро давомида ўзини ҳимоя қилишнинг қонуний ҳуқуқидан фойдаланганини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф Душанбеда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида сўз юритди.
Орифнинг таъкидлашича, Эрон ўз ҳаракатларини БМТ Низомининг 51-моддасида белгиланган ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи билан изоҳлайди. Шу билан бирга, Теҳрон уруш ва беқарорликни истамаслигини, қарама-қаршиликдан кўра тинчликни афзал билишини билдирган.
“Эрон Ислом Республикаси ўзини ҳимоя қилишнинг ажралмас ҳуқуқидан фойдаланди, аммо шу билан бирга яна бир бор уруш ва беқарорликни истамаслигини, ҳар доим қарама-қаршиликдан кўра тинчликни афзал кўришини намойиш этди”, — деган Ориф.
БМТ Низомининг 51-моддаси қуролли ҳужум содир бўлган тақдирда давлатларнинг индивидуал ёки жамоавий ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олади. Ушбу ҳуқуқ доирасида кўрилган чоралар БМТ Хавфсизлик Кенгашига зудлик билан маълум қилиниши лозим.








