Бирида 3 450, бошқасида 1 350 доллар: Умра ваъдаси билан боғлиқ ҳолатлар фош бўлди
Самарқанд ва Наманганда фуқароларни ноқонуний равишда зиёратга юборишни ваъда қилиб, пул талаб қилган шахслар ушланди.

Самарқанд ва Наманган вилоятларида фуқароларни Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, пул талаб қилган шахсларга оид қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Биринчи ҳолат Самарқанд шаҳрида қайд этилган. Бу ерда фаолият юритувчи оилавий корхона вакили тегишли ваколатга эга бўлмаган ҳолда фуқарони ва унинг икки нафар қариндошини Саудия Арабистонига Умра зиёратига юборишни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 3 450 доллар талаб қилган.
У талаб қилинган маблағнинг 3 минг долларини олаётган вақтида ДХХ ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Иккинчи ҳолат Наманган вилоятида аниқланган. Наманган туманида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари Учқўрғон туманида яшовчи фуқарони ноқонуний равишда Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, ундан 1 350 доллар талаб қилган.
У олдиндан 1 200 доллар олаётганида ДХХ ва ички ишлар ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








