Наваи иши тугатилди: репер Қозоғистонни тарк этди
Россиялик репер Наваи Қозоғистонга кираётганида гиёҳванд моддалар контрабандасида гумон қилиниб ҳибсга олинган эди.

Қозоғистонда гиёҳванд моддалар контрабандасида гумон қилиниб ҳибсга олинган россиялик репер Наваига (Наваи Бакиров) нисбатан қўзғатилган жиноят иши тугатилди. Бу ҳақда Жамбил вилояти полиция бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Полиция маълумотига кўра, иш ижрочининг биринчи марта жиноят содир этгани ва жиноят-процессуал қонунчилик талабларига мувофиқ фаол пушаймонлик билдиргани ҳисобга олиниб, реабилитация қилинмайдиган асослар билан тугатилган. Тегишли қарор назорат органи томонидан тасдиқланган.
Шундан сўнг Наваи Қозоғистондан чиқариб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, репер 13 октябрь куни Қозоғистонга кираётганида Қирғизистон билан чегарадаги Кордай назорат-ўтказиш пунктида ҳибсга олинган. Полиция унинг кетаётган автомобилини тинтув қилиш вақтида гиёҳванд моддалар топилганини билдирган. Шундан сўнг унга нисбатан контрабандага уриниш бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Наваи Қозоғистонга концерт бериш учун йўл олган эди. Унинг 14 октябрь куни Остона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган чиқиши бекор қилинган.







