Икки ойда 400 миллиард доллар: АҚШ қарзи ўсишда давом этмоқда
АҚШнинг давлат қарзи 40,4 триллион долларга етди.

ТАСС'нинг АҚШ Молия вазирлиги маълумотлари асосида хабар беришича, мамлакатнинг суверен қарзи рекорд даражадаги 40 триллион долларга етганидан кейинги икки ой ичида қарийб 400 миллиард долларга ошган.
Маълумотларга кўра, 2026 йил 19 август куни АҚШ давлат қарзи илк бор 40 триллион долларга етган. Шундан буён қарз миқдори қарийб 1 фоизга ўсиб, 40,4 триллион долларни ташкил этган.
АҚШ мутахассисларининг прогнозларига кўра, мамлакат давлат қарзи кейинги ўн йилликда ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 120 фоизига етиши мумкин. Бу федерал ҳукумат қарзи мамлакат иқтисодиётининг бир йиллик ишлаб чиқариш ҳажмидан ҳам ошиб кетишини англатади.
Вашингтон ҳар йили давлат қарзи бўйича фоиз тўловларига қарийб 970 миллиард доллар сарфлайди. Бу харажатлар мамлакатнинг ҳарбий харажатларидан ҳам юқори экани қайд этилган. 2020 йилдан буён қарз фоизларини тўлаш харажатлари уч бараварга ошган.
Петерсон халқаро иқтисодиёт институти ҳисоб-китобларига кўра, ҳукумат харажатлари ёки солиқ тизимида ислоҳотлар амалга оширилмаса, АҚШ давлат қарзи олти йил ичида 50 триллион долларга етиши мумкин.







