Глобал исиш тезлашмоқда: олимлар огоҳлантирди
Ер экотизимлари ҳалокатли нуқтага яқинлашаётгани маълум қилинди.

Глобал исиш тезлашиб, Ернинг энг муҳим экотизимларини қайтариб бўлмас ўзгаришлар юз бериши мумкин бўлган критик чегараларга яқинлаштирмоқда. Бу ҳақда Потсдам иқлим таъсирини ўрганиш институти директори Йoхан Рокстрём Reuters’нинг барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган Европа конференциясида маълум қилди.
Олимнинг айтишича, маржон рифлари ва Амазонка ёмғир ўрмонларига етаётган зарар ортга қайтариб бўлмайдиган даражага яқинлашган. Шунингдек, Атлантика океанидаги сув айланиш тизимининг айрим қисмлари, жумладан, Кариб денгизидан илиқ сув олиб келиб, Ғарбий Европа иқлимини мўътадил сақлашга ёрдам берадиган оқим ҳам издан чиқиш хавфи остида.
Рокстрёмнинг таъкидлашича, сўнгги илмий маълумотлар яқин бир неча йил ичида Ер юзасидаги ўртача ҳарорат саноатлашувгача бўлган даврга нисбатан 1,5 даража Цельсийга кўтарилиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Бу эса экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг тез-тез юз бериши ва кучайишига олиб келади.
Олим бу ҳақда 9 ноябрда бошланадиган БМТнинг COP31 иқлим конференцияси арафасида гапирди.
У компанияларни иқлим ўзгариши ва табиатни муҳофаза қилиш масалаларини ягона йўналиш сифатида кўриб чиқишга чақирди. Унинг фикрича, углерод чиқиндиларини камайтириш билан бирга, биологик хилма-хилликни сақлаш ва тиклаш, шунингдек, чучук сув захираларини муҳофаза қилишга ҳам сармоя киритиш зарур.
Рокстрём ички ёнув двигателли автомобиллардан босқичма-босқич воз кечиш қоидаларини юмшатишга қаратилган лоббичилик ҳаракатларини ҳам танқид қилди. Унинг таъкидлашича, бензин ва дизель ёқилғисига берилаётган субсидиялар истеъмолчиларнинг электромобилларга бўлган талабини сусайтирмоқда.







