Болалар фаровонлиги — келажакка сармоя: Самарқандда жаҳон саммити бошланди
Ушбу нуфузли анжуманда 100 дан ортиқ давлат вакиллари ва халқаро ташкилотлар иштирок этмоқда.

Бугун, 21 октябрь куни Самарқанд шаҳрида «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл» Жаҳон саммити бошланди. Бу ҳақда саммитда иштирок этаётган Zamon.uz мухбири хабар бермоқда.
Тадбирнинг очилиш қисмида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, «Замин» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева нутқ сўзлади.
Зироат Мирзиёева саммитда иштирок этаётган биринчи хонимлар, делегациялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳамкор ташкилотларга, шунингдек, болаларнинг бахтли келажаги учун ҳаракат қилаётган барчага миннатдорлик билдирди.
Маълумотларга кўра, бугун дунёда 400 миллиондан ортиқ бола ўта қашшоқликда яшамоқда. Қарийб бир миллиард бола иқлим ўзгариши хавфи юқори бўлган мамлакатларда улғаймоқда.
«Ўзбекистон Орол фожиасини бошидан кечирган давлат. Шунинг учун биз экологик муаммолар болалар саломатлиги ва келажагига қанчалик оғир таъсир қилишини яхши биламиз», — деди Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними.
Мутахассислар маълумотига кўра, халқаро инсонпарварлик ёрдамининг кескин камайиши сабабли, 2025 йилда беш ёшгача бўлган болалар ўлими шу аср бошидан бери биринчи марта ошган.
«Бу барчамиз учун жиддий огоҳлантиришдир», — деб қайд этди Зироат Мирзиёева.
Саммитда 100 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этмоқда. Жумладан, БМТ, ЖССТ, Халқаро болалар онкологлари жамияти, Европа онкология мактаби ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, қатор давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари, шунингдек, олимлар, мутахассислар ҳамда жамоатчилик фаоллари қатнашмоқда.
Саммит доирасида болалар саломатлиги, таълими, ижтимоий ҳимояси ва хавфсизлигига инвестицияларни кучайтириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Тадбир икки кун давом этади.








