Куз-қиш мавсумига тайёргарлик: Чилонзорнинг айрим ҳудудларида сув ўчирилади
Сув таъминоти вақтинча тўхтатилган манзилларга махсус техникалар орқали ичимлик суви етказиб берилади.

Чилонзор туманининг қатор маҳаллалари, мактаблар, боғчалар ва тиббиёт муассасаларида 21 октябрь соат 09:00 дан 22 октябрь соат 14:00 гача сув таъминоти вақтинча тўхтатилади.
«Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ маълум қилишича, 2026 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида сув тармоқларида режали профилактика-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шу сабабли Чилонзор туманидаги қуйидаги 19 та — "1-Чарх Камолон", "2-Чарх Камолон", "3-Чарх Камолон", «Новза», "2-Катта Чилонзор", "3-Катта Чилонзор", «Чилонзор», «Дилобод», "Халқлар дўстлиги", «Бешчинор», «Диёр», «Қозирабод», «Наққошлик», "Катта Дўмбиробод", «Дўмбиробод», «Гавҳар», «Нафосат», «Оқтепа», «Яккабоғ» маҳаллаларида сув таъминотида вақтинчалик узилиш кузатилади.
Шунингдек, 182-, 178-, 173-, 162-, 128- ва 168-сонли мактабларда, 336-, 364-, 291-, 267-, 89-, 256-, 230-, 36-, 24-, 178- ва 182-сонли болалар боғчаларида ҳам сув таъминоти вақтинча тўхтатилади.
Бундан ташқари, 1-Республика тиббиёт коллежи, Тошкент шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, шаҳар прокуратураси, 22-сонли Меҳрибонлик уйи ҳамда академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия амалий тиббиёт маркази ҳам узилиш кузатиладиган объектлар қаторида.
Қозонхоналарда сув таъминоти узилиши сабабли айрим ҳудудларда иссиқ сув ҳамда ичимлик суви бир вақтда тўхташи мумкин.
Компания маълумотига кўра, сув таъминоти вақтинча тўхтатилган манзилларга махсус техникалар орқали ичимлик суви етказиб берилади.








