“Мадад” махсус қутқарув маркази ташкил этилади: қутқарув тизими янгиланади
Фавқулодда вазиятларда қутқарув ишларини кучайтириш, жумладан, 56 та сув омборида хавфсизлик хизматини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб бериш тизимини такомиллаштириш, сув омборлари хавфсизлигини таъминлаш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича тақдимот билан танишди.
Тақдимотда қутқарув хизматлари фаолиятини замонавий талаблар асосида янгилаш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, қутқарувчиларнинг етиб келиш вақтини шаҳар ҳудудларида 5–7 дақиқага, шаҳар марказларидан ташқарида эса 15–20 дақиқага қисқартириш вазифаси белгиланди.
Аҳолиси 250 мингдан ортиқ туман ва шаҳарлардаги 25 та ёнғин-қутқарув қисмини қайта ташкил этиш ва замонавий техника билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, мураккаб шароитларда ишлайдиган “Мадад” миллий кўп тармоқли махсус қутқарув маркази, авиация-қутқарув бўлими ҳамда фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
“112” ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини такомиллаштириш, мурожаатларни қабул қилишдан бошлаб уларнинг ижросигача бўлган жараённи кузатиш ва хизматлар ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу жараёнларда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан кенгроқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Сув омборларидаги хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда мавжуд 56 та сув омборининг фақат тўрттасида қутқарув хизмати ташкил этилган. Шу муносабат билан “Каркидон” сув омбори мисолида профессионал қутқарув тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, қутқарувчиларни тайёрлаш техникумида дуал таълим асосида қутқарувчи-ғаввосларни тайёрлаш, туризм объектлари ходимларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш режалаштирилмоқда.
Президент тизимни янгилашда инсон ҳаётини сақлаб қолиш асосий мезон бўлиши кераклигини таъкидлади.








